Ушбу китобда Туркистон диёрида Нақшбандия пирлари дея машҳур бўлган зотларнинг силсиласига дохил бўлган барча улуғлар ҳақида биографик маълумот оласиз. “Силсила” - “бир-бирига боғлиқ, бир-бирига алоқадор нарсалардан ташкил топган занжир, ҳалқа” деган маънога келади.
Ҳар бир муршиди комил, яъни олим ва авлиё зот, шогирдлари орасидан етилиб, ўзгаларни ҳам тарбиялай оладиган даражага келган шогирдларига халифалик ва ижозат (диплом) беради. Сўнгра улар ҳам талаба ўқитиб, етиштирган шогирдларига мана шу тарзда ижозат беришади. Мана шу йўсинда олимлар силсиласи, олимлар занжири юзага келади. Бу занжир пайғамбаримизгача етиб боради.
Ораларида Баҳоуддин Бухорий, имоми Раббоний, Мавлоно Холид Бағдодий сингари улуғ алломалар ҳам бўлган олимлар занжирига “Силсилаи олийя”, яъни “олий силсила” дейилган. Бунга “Силсилат уз-заҳаб”, яъни “олтин силсила” деб ҳам ном берилган. Ҳар бир ҳақиқий олимнинг албатта Расулуллоҳгача етиб борадиган устозлар силсиласи, шажараси бўлиши керак. Масалан, имоми Раббоний, Абдулқодир Гейлоний ва тўрт мазҳаб имомларидек ҳар бир аҳли суннат олимининг жаноби пайғамбаримизгача бўлган бутун устозлари маълум. Исломда фақат мана шундай улуғ зотларга боғланиб, уларнинг китобларини ўқиш керак. Ҳаётда шундай улуғ зотларни топа олмаган киши улардек мутахассис, яъни силсиласи маълум ва ижозат соҳиби бўлган бирон олимнинг ёзган китобларини ўқиши, уни ўзига раҳбар билиши лозим. Китобда исмлари зикр қилинган улуғ олимларни таниш ва у зотларни муҳаббати, файзи ва шафоатларига ноил бўлиш барчамизга насиб бўлсин.